ТОШКЕНТ, 27 авг - Sputnik. Келиб чиқиши Марказий Осиё ва Чеченистондан бўлганлар Европада террористик тармоқларни яратдилар. Бу ҳақда БМТ Бош котибининг ўринбосари, Терроризмга қарши кураш бошқармасининг раҳбари Владимир Воронков БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларига тақдим этган ҳисоботида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра Европа мамлакатларида Марказий Осиё ва Чеченистондан келганларни бирлаштирувчи террористик тармоқлар шаклланмоқда. Ҳужумлар уюштириш ва мигрантлар орасида ёллаш учун гуруҳ тузиш кўрсатмаси берилган бир гуруҳ Тожикистон фуқароларнинг ҳибсга олиниши бунга мисолдир. Бошқа бир давлатда терроризмни молиялаштиришга алоқадорликда гумон қилинаётган бир гуруҳ этник ўзбеклар аниқланди.
"Европада асосий хавф интернетда "Ислом давлати"* ғояларини тарғиб қилиш орқали аҳолининг радикаллашувидадир", - дейилади маърузада.
Воронков аксарият ҳукуматлар эътибори коронавирусга қарши курашга қаратилган бир пайтда террорчилар пандемия келтириб чиқарган ноаниқликлардан тактик устунлик сифатида фойдаланиши ва жиддий зарба беришини истисно қилмади.
* Ўзбекистон, Россия ва бошқа мамлакатларда тақиқланган террористик ташкилот