ТОШКЕНТ, 23 авг - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро халқаро аэропорти биносида мутасадди раҳбарлар иштирокида йиғилиш ўтказди.
Мажлисда Бухоро вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, пандемия иқтисодиёт тармоқларини тиклаш масалалари кўриб чиқилди.
Хусусан, пандемия даврида вилоятда хориждан қайтиб келган 8 минг фуқародан 7 минг нафари иш билан таъминлангани қайд этилди.
Шунингдек, 2020 йилда вилояти бўйича 571та инвестицион ва экспорт лойиҳаларни амалга оширилиш ва бу билан 14 минг иш ўрни яратиш режалаштирилгани ҳам айтиб ўтилди. Йил якуни бўйича экспорт ҳажми 184 миллион долларни ташкил этиши кутилмоқда.
Шу билан бирга Бухоро вилоят марказининг ўзида 700 та қурилиш объекти барпо этилаётгани ҳам эътиборга лойиқ, дейилган хабарда.
Йиғилишда асосий мақсад – Бухорода бошланган кенг миқёсли ислоҳотларни жадал давом эттириш ҳамда уларни ўз вақтида ва самарали бажариш борасида қўшимча топшириқлар берилди.
Йиғилишдан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга жўнаб кетди.