ТОШКЕНТ, 19 авг - Sputnik. Қозоғистон Таълим вазирлиги хабар беришича, ота-оналарнинг қарорига кўра ўқувчилар мактабга эркин тарзда келишлари мумкин. Бу ҳақда умумреспублика ягона педагогик кенгашида маълум бўлди.
Педагогик кенгаш давомида ўқитувчиларга таълим қоидалари, шунингдек навбатчи синфларда санитария хавфсизлигини таъминлаш чоралари батафсил тушунтирилмоқда, деб хабар беради Таълим ва фан вазирлиги матбуот хизмати.
Таъкидланишича, мактаб формасига қўйиладиган талаблар бекор қилинмади. Аммо вақтинча ўзгаришлар киритилди - ота-оналар фарзандини мактабга формада ёки бошқа қулай кийимда юбориш тўғрисида қарорни ўзлари қабул қилишлари мумкин.
Ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳарорати ҳар куни текширилади. Агар у меъёрдан ошса, ўқувчи уйига юборилади, ўқитувчи эса ишдан четлатилади.
Таъкидлаш жоизки, мактабларда мавжуд компьютерлар бир мунча вақтга муҳтож оилалар фарзандларига топширилади. Шунингдек ҳукумат ўқувчиларга бериш учун қўшимча ноутбук ва планшетларни ҳам сотиб олишни режалаштирмоқда.
"Ҳар бир минтақа, таълим муассасаси, масофавий таълим учун интернет платформани мустақил равишда танлайди. Таълимнинг масофавий формати доирасида, ўқитувчилар ва ўқувчилар стриминг тизимларидан фойдаланишлари мумкин бўлади", - деб маълум қилишди вазирликда.
Эслатиб ўтамиз, 2020-2021 ўқув йили Қозоғистонда масофавий форматда бошланади. Ота-оналарнинг истакларига қараб мактабларда 1-4 синф ўқувчилари учун навбатчи синфлар ташкил этилади. Бир синфда 15 кишидан ортиқ бўлмайди.