ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Ер юзи ҳали бери коронавирус инфекциясини тўхтатиш учун зарур иммунитет даражасига етгани йўқ, деди БССТнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазиятлар дастури директори Майкл Райан брифингда.
"Айни дамда биз, дунё аҳолиси, ушбу касалликни тўхтата оладиган иммунитет даражасига ҳали етмадик. Ва биз коллектив иммунитет бизга нажот бўлиши мумкинлиги умидида яшамасдан, балки эътиборимизни вирус тарқалишини чеклаш учун нима қилишимиз кераклигига қаратишимиз керак. Ҳозирда коллектив иммунитет ҳақида умидлар ечим эмас", - Райаннинг сўзларидан иқтибос келтиради РИА Новости.
11 март куни Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти COVID-19 янги коронавирус инфекцияси тарқалишини пандемия деб эълон қилди. БССТнинг сўнгги маълумотларига кўра, дунёда 21,5 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолати аниқланган, 767 мингдан ортиқ одам вафот этди.
Аввалроқ Sputnik радиоси ХХРда коронавирусга қарши вакцинани бозорга чиқариш муддатлари белгиланганлигини маълум қилган эди.