ТОШКЕНТ, 18 авг - Sputnik. Пандемия шароитида талаб юқори бўлган дори воситаларини қиммат сотаётган МЧЖ масъуллари ушланди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот-хизмати.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яккасарой тумани бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, "C.S.", "F.M.", "О", "C.T." ва "N.F." МЧЖлар масъуллари ва фуқаро И.Н. қўлга олинган.
Улар ноқонуний даромад орттириш мақсадида ўзаро олдиндан тил бириктириб, коронавирус пандемияси даврида аҳоли томонидан талаб юқори бўлган "ENOX-4000 anti-Xa IU/0.4ml" дори воситасини нархини сунъий равишда оширган. Фуқаро А.га 156 қути дорини ҳар бир қутисини 440 минг сўмдан ҳисоблаб, жами 68,6 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далил билан ушланганлар.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 1863-моддаси 2-қисми билан билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
БССТ маълумотларига кўра, бутун дунёда коронавирусга чалинганлар сони 22 миллиондан ошган. Инфекцияланганлар сони Ўзбекистонда 36 100 нафарга етган. Қурбонлар сони 240 кишини ташкил қилмоқда.