ТОШКЕНТ, 16 авг — Sputnik. Коронавирус 2012 йилнинг ўзида инсон организмига мослашиб олган бўлиши (адаптация) мумкин. Бу ҳақда The Sun нашри вирусолог Жонатан Латэм ва биолог Эллисон Уилсонга асосан хабар қилди.
Тадқиқотчилар Хитойнинг Юньнань провинциясида кончиларни даволаган шифокорнинг ёзувларини топдилар. Ўша йилда 2 ҳафта давомида шахтани кўршапалакларнинг ахлатидан тозалаган кончиларда COVID-19’га хос бўлган симптомлар аниқланган: пневмония, қуруқ йўтал, мушакларда оғриқ ва юқори иситма. Беморларга ўпкани сунъий вентиляция аппаратлари зарур бўлиб қолди, 6 нафар ишчидан 3 нафари вафот этди.
Кончиларнинг таҳлил намуналари Ухандаги лабораторияга юборилди, у ерда атипик пневмонияга ўхшаш коронавирусни юқтириб олгани маълум бўлди. Тадқиқотчиларнинг сўзларига кўра, COVID-19 аллақачон инсон организмига мослашиб олган деб ҳисоблаш учун асос бор.
Сўнгги ойларда янги коронавирус қандай пайдо бўлгани борасида турли хил тахминлар илгари сурилди. Аммо Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан инфекция ҳали тўлиқ ўрганилмагани ва якуний хулосалар қилишга эрта эканини маълум қилди. Мутахассислар тадқиқот ишларини давом эттиришмоқда.