ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. Россия ва Белоруссия ҳарбийлари Фарғона халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди, деб хабар бермоқда Мудофаа вазирлиги Шарқий ҳарбий округ матбуот-хизмати.
Россия ва Белоруссия давлатларининг ҳарбий жамоалари "AРМИ – 2020" мусобақасининг "Йўл патрули" йўналишида иштирок этади.
Меҳмонлар муносиб ҳордиқ чиқаришлари учун Шарқий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда жойлаштирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар учун тантанали митинг ва Россия ҳамда Белоруссия давлатлари байроқларини кўтариш маросими бўлиб ўтди.
Барча тадбирлар карантин қоидалари асосида ўтказилди, деб таъкидланган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, сал олдин ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 23 августдан 5 сентябрга қадар бўлиб ўтадиган Халқаро армия ўйинларида иштирок этиши ҳақида хабар берган эдик.
АрМИ-2020 да ўзбекистонлик ҳарбийлар Россия ҳудудида бўлиб ўтадиган 12 та мусобақаларда иштирок этишади: "Танк биатлони", "Артиллерия олови устаси", "Зирҳланган танк техникаси устаси", "Мусаффо осмон", "От марафони", "Хавфсиз йўналиш", "Элбурс ҳалқаси", "Хавфсиз муҳит", "Ҳарбий ралли", "Содиқ дўст", "Қўшин разведкаси аълочиси" ва "Қуролсоз уста".
Бундан ташқари, ўзбек ҳарбийлари она юртидаги икки мусобақаларда иштирок этишади. Бу "Ҳарбий- тиббий эстафета" ва "Йўл патрули" мусобақалари. Шунингдек, улар Қозоғистондаги алоқа бўлинмаларининг "Ишончли қабул" ва Беларусдаги "Мерганлар чегараси" мусобақасида беллашишади.