ТОШКЕНТ, 14 авг - Sputnik. Ўзбекистон МДҲ мамлакатларида меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш тўғрисидаги битимга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги протоколга қўшилди. Республика раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли қарори Norma.uz сайтида жойлаштирилди.
Маслаҳат кенгаши тўғрисидаги битим 1992 йил ноябр ойида имзоланган, ўзгартиришлар киритиш ҳақида протокол 2016 йил 28 октябрда Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашувидан сўнг имзоланган.
"МДҲга аъзо давлатлар меҳнат, миграция ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгашини тузиш тўғрисидаги битимга ўзгартириш киритиш тўғрисида протоколга қўшилсин", - дейилади ҳужжатда.
Фармонга мувофиқ битимнинг бажарилиши Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги зиммасига юклатилди.
Битимга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг мақсади МДҲ ҳудудида меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантиришдир, деб изоҳлашди РИА Новости-га Бандлик вазирлигида.
Вазирлик вакилининг сўзларига кўра, ҳужжат Ҳамдўстлик идораларининг ҳамкорлик бўйича ваколатларини тақсимланишини ва миграция соҳасидаги вазифаларнинг такрорланишини бартараф этишни таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 2020 йил 1 январдан бошлаб МДҲга раислик қилмоқда.