Беларусдаги сайловлар эркин бўлмаган деб ҳисоблаган АҚШ давлат котиби Майк Помпео ушбу мамлакатга қарши санкциялар, шу жумладан, нефть етказиб беришни тўхтатиб қўйишини истисно қилмади. Шу билан бирга, у эҳтимолий чеклов чораларининг мақсади "Беларусь халқи учун яхши натижага эришиш" эканлигини таъкидлади.
Сиёсатшунос, РУДН университетининг қиёсий сиёсатшунослик кафедраси профессори Юрий Почта, Помпеонинг бу сўзлари - океан ортидан келгани яққол сигналдир, деб ёзмоқда Sputnik Беларусь.
"Жаҳон жамоатчилиги эътибори жалб этилиб бўлди. Шунинг учун Помпео, Европа Иттифоқи ўз муносабатини билдирди, қўшни давлатларнинг вазиятдан чиқиш йўлини излаш режалари пайдо бўлди, Нобел мукофоти лауреатларининг чақириқлари янгради ... Ва бу энди Лукашенкога муҳолифатда бўлганларнинг катта ютуғидир. Ва энди бу вазиятни халқаро майдонларда кўриб чиқилиши бошланади, " - дейди Почта.
Эслатиб ўтамиз, 9 август куни Беларусьда президент сайловлари бўлиб ўтди. Марказий сайлов комиссиясининг маълумотларига кўра, ғалабага 80 фоиздан кўпроқ овоз тўплаган, амалдаги давлат раҳбари Александр Лукашенко эришди. Якшанба куни кечқурун Минск ва республиканинг бошқа шаҳарларида оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишчиларни тарқатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари махсус воситалар ва махсус техникадан фойдаланди. Тўрт кун давомида мамлакатда етти мингга яқин одам ҳибсга олинди.