ТОШКЕНТ, 12 авг — Sputnik. Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида тадбиркорларнинг 520 млн сўмлик кредит маблағларини ўзлаштирган собиқ банк бошқарувчиси фош этилди. Бу ҳақда Sputnik нашрига Бош прокуратура матбуот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, ўтказилган текширувда АТБ “Агробанк” Мирзаобод филиалининг собиқ бошқарувчиси А.Г. “Т.П.” фермер хўжалиги раҳбарининг хабардорлигисиз унинг номидан 17,6 млн сўм маблағларни бошқа хўжалик юритувчи субъект ҳисоб рақамига ўтказган. Бундан ташқари, “Д.В.” фермер хўжалиги раҳбари томонидан кредит қарздорлигини сўндириш учун банкка тўланган 17 млн сўм нақд пулларни ўзлаштирган.
Шунингдек, у 3 та хўжалик юритувчи субъектларга уларнинг хабардорлигисиз жами 520 млн сўм кредит расмийлаштирган. Кейин пулларни ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юбориб, талон-торож қилган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан А.Г. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозир тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.