ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Россияда коронавирусга қарши биринчи вакцина рўйхатга олинганини эълон қилди.
“Менга маълум бўлишича, бугун эрталаб дунёда биринчи янги коронавирус инфекциясига қарши вакцина рўйхатдан ўтказилди. Биламан, у етарли даражада самарали ишлайди, барқарор иммунитетни шакллантиради, такрорлайман, барча зарурий текширувлардан ўтди”, - деди у ҳукумат аъзолари билан йиғилишда. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
У коронавирусга қарши вакцина устида иш олиб борганларга миннатдорчилик билдирган ва бу бутун дунё учун муҳим қадам эканини қайд этган.
Шунингдек, Россия етакчиси қизларидан бири коронавирусга қарши ушбу вакцина билан эмланганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология тадқиқотлар марказида ишлаб чиқилган вакцина 12 августда рўйхатдан ўтказилиши кутилаётган хабар қилинган эди.