ТОШКЕНТ, 9 авг — Sputnik. Бухоро вилоятида 10 августдан карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилади. Бу ҳақда вилоят махсус комиссиясининг йиғилиш баёни қабул қилинди.
Унга кўра, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази шаҳар ва туманлар бўлимларининг хулосаси ҳамда сектор раҳбарлари билан келишилгандан сўнг ҳокимларнинг кафолат хатлари асосида Бухоро вилояти ҳудудидаги:
- умумий овқатланиш шохобчалари (ресторан ва кафеларда банкетлар ҳамда бошқа оммавий тадбирларни ўтказишга йўл қўйилмайди);
- меҳмонхоналар;
- индивидуал шуғулланиш учун тренажёр заллар;
- нодавлат таълим марказлари, тўгараклар (10 кишидан кўп бўлмаган гуруҳ ташкил этиб, машғулотлар вақтини олдиндан келишган ҳолда);
- нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари;
- буюм, қурилиш моллари савдоси ва бошқа фаолият тури билан шуғулланадиган бозорлар;
- сартарошхона ва гўзаллик салонлари фаолиятига рухсат берилади.
Бундан ташқари, Бухоро ва Когон шаҳри ҳамда туманлар марказларига автотранспорт воситаларининг кириб-чиқишини назорат қилувчи блок-постлар фаолияти тўхтатилади.
Коронавирус пандемияси бошланган буён Бухоро вилоятида 971 киши вирус юқтириб олган. Шулардан 884 нафари (91 фоиз) тузалиб кетган. COVID-19 етти кишини бевақт ҳаётдан олиб кетган.