Ўзбекистон иқтисодиётни зудлик билан инқироздан чиқариш учун олтин-валюта захираларини сотишни бошлаши керак. Бу ҳақда Капитал бозорини ривожлантириш бўйича Республика агентлиги директори Отабек Назиров маълум қилди.
"Олтиннинг нархи энг юқори нуқтада турибди, иқтисодий фаолият эса, аксинча, энг қуйи қисмда, ўйлайманки, иқтисодни янада пасайиш ва ишсизликнинг кўпайишидан зудлик билан қутқариш учун айнан ҳозир олтин-валюта захираларини сотиб, маблағлардан фойдаланиш керак ...", - деб ёзди у ўзининг Facebook-даги саҳифасида.
QBF етакчи таҳлилчиси Олег Богданов, Ўзбекистон олтин захираларини оқилона бошқариши керак, чунки олтин-валюта захираларини тўплаш унчалик осон эмас, деб ҳисоблайди.
"Иқтисодий қийинчиликлар йилдан-йилга ўзгаришсиз бўлиб қолмоқда ва олтин-валюта захираларини шундай ҳажмда тўплаб олиш жуда қийин. Дунё молиясида рўй бераётган вазиятдан келиб чиқиб, агар республика ҳукумати ҳозирда иқтисодиётни ҳақиқатда қўллаб-қувватлаш кераклигига ишонса, Ўзбекистонга ушбу олтин-валюта захиралари ҳисобига узоқ муддатли кредит олиш афзалроқ бўлади. Бу каби кредитни олиб, маблағларни қандайдир мақсадли тармоқларга йўналтириш керак", - деди мутахассис Sputnik Ўзбекистон билан суҳбатда.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда кредитлар бўйича фоиз ставкалари нолга яқин, шунинг учун агар қарз олиш имкони бўлса, қимматлаётган активни сотишнинг кераги йўқ.
Богданов ишончи комил: дунёда пул миқдори жуда кўп, кредитлар ҳатто рейтинги паст бўлган давлатларга ҳам берилмоқда.
"Кейинги уч йил ичида яна 20-30 фоизга кўпайтириш мумкин бўлган захираларни сотишнинг нима кераги бор? Менинг фикрим қуйидагича. Лекин, умуман олганда, ҳеч ким ҳеч нарсани сотмаяпти. Рўй бераётганларнинг асли моҳияти қуйидагида: марказий банклар жаҳон бозорида олтинни сотишни бутунлай тўхтатдилар. Аксинча, улар сотиб олишмоқда, айнан шунинг учун унинг нархи сўнгги йилларда фаол ўсиб бормоқда", - дея қўшимча қилди таҳлилчи.
Унинг фикрича, Ўзбекистон ушбу сиёсатдан четлашмаслиги керак.