ТОШКЕНТ, 7 авг - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илҳом Неъматов 6-август куни Беларуснинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Леонид Маринич билан учрашди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Учрашув чоғида Ўзбекистон-Беларус муносабатларини ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, ўзаро манфаатли барча соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Бўлажак қўшма тадбирлар жадвали, жумладан Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини, шунингдек, "Беларусда ишлаб чиқарилган" миллий маҳсулотлар кўргазмасини 2020-йил кузида Тошкент шаҳрида ўтказиш масаласи кўриб чиқилди.