ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 507 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 27 554 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 176 нафари Тошкент шаҳрида, 21 нафари Қашқадарё вилоятида, 19 нафари Сурхондарё вилоятида, 12 нафари Тошкент вилоятида ҳамда яна 12 нафари Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 631 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 18 682 нафарга етди.
Айни пайтда 8 703 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 619 нафари оғир, 208 нафари эса ўта оғир аҳволда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Тошкент шаҳар Сергели туманида яшаган 38 ёшли С.М. (эркак), Учтепа туманида яшаган 77 ёшли Х.С. (эркак), Чилонзор туманида яшаган 51 ёшли А.Л. (эркак) ҳамда Тошкент вилояти Тошкент туманида яшаган 70 ёшли А.М. (эркак) вафот этди.
Ўзбекистонда умумий ҳисобда 169 киши пандемия қурбони бўлди.
Ҳимоя комбинезони
Ўзбекистонда 100% пахтали гидрофоб матосига асосланган ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш бошланди. “Cotton Road” қўшма корхонаси Германиянинг “СHT GmbH” ва Швейцариянинг “CHT Switzerland AG” компаниялари билан тузилган шартномага биноан корхона Европанинг сўнгги “HeiQ Viroblock” инновацион ишланмасини ўзлаштирди.
Ушбу инновацион технология Швейцарияда антивирус матоларни ишлаб чиқариш учун махсус яратилган.
Чегарада қолганлар учун поезд
Самара яқинида тўпланган мингга яқин ўзбекистонлик 7 август куни поезд билан олиб кетилади. Поезд Самара вилояти Кинель станциясига етиб келади. Фуқаролар чиптани ўз ҳисобидан сотиб олиши кераклиги тўғрисида огоҳлантирилди: нархи 10 минг рубл.
Куни кеча Самара вилоятидаги РФ-Қозоғистон чегарасида мигрантлар ва ҳуқуқ тартибот орган ходимлари ўртасида тўқнашув юз берди. Можаро тезда батараф этилди.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 18,5 миллионга етди, 700 минг киши вафот этди, 11,1 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (4,8 млн), Бразилияда (2,8 млн), Ҳиндистонда (1,9 млн).