Ўзбекистонда фан олимпиадалари ғолибларига қанча мукофот пули берилади?

© Пресс-служба МНО УзбекистанаПредставители Узбекистана завоевали 6 медалей Менделеевской олимпиады
Представители Узбекистана завоевали 6 медалей Менделеевской олимпиады - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Президент қарори билан фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади

ТОШКЕНТ, 3 авг — Sputnik. Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистонда фан олимпиадалари ғолиблари қандай рағбатлантирилиши борасида маълумот берди.

Президентнинг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фан олимпиадалари ғолибларини рағбатлантиришнинг янги тизими жорий этилди.

Қарорга кўра қуйидаги фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ва уларнинг ўқитувчилари бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади: Халқаро математика олимпиадаси (International Mathematical Olympiad (IMO)), Халқаро физика олимпиадаси (International Physics Olympiad (IPhO)), Халқаро кимё олимпиадаси (International Chemistry Olympiad (IChO)), Халқаро биология олимпиадаси (International Biology Olympiad (IBO)), Халқаро информатика олимпиадаси (International Olympiad in Informatics (IOI)).

Пул мукофотари миқдори:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравар (111,5 млн. сўм), ўқитувчисига – 450 баравар (100,35 млн. сўм);
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 баравар (66,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 250 баравар (55,75 млн. сўм);
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравар (44,6 млн. сўм), ўқитувчисига –150 бараварида (33,45 млн. сўм).

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган ўқитувчилар ва таълим муассасаси директорлари навбатдаги ўқув йили учун директор жамғармасидан қуйидагича қўшимча устама оладилар: 1-ўрин (олтин медаль) учун – 200%; 2-ўрин (кумуш медаль) учун – 175%; 3-ўрин (бронза медаль) учун – 150%.

Юқоридаги нуфузли халқаро олимпиадаларда медал билан тақдирланган ўқувчилар Олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилинади.

Асосий олимпиадаларнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил давомида амал қилувчи сертификат тақдим қилинади. Уларни тайёрлаган ўқитувчилар эса, қуйидагича бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланади:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварида (11,15 млн. сўм);
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 35 бараварида (7,8 млн. сўм);
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараварида (6,69 млн. сўм).

Таълим муассасаларида ўқитувчи бўлиб фаолият юритаётган халқаро олимпиадалар ғолиблари лавозим маошига 150 фоиз, асосий олимпиадалар республика босқичи ғолиблари лавозим маошига ҳар ой 100 фоизлик устама ҳақи тўланади.

Олий таълим муассасасини тамомлаган олимпиада ғолиблари Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан шакллантириладиган истиқболли мутахассислар захирасига киритилади.

Бундан ташқари, юқорида таъкидланган қарорга мувофиқ математика, физика, кимё, биология ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанларидан ҳар йили бир марта ўтказиладиган қўшимча республика олимпиадаси жорий этилган бўлиб, унинг ғолибларига қуйидагича бир марталик пул мукофотлари белгиланган:

  • 1-ўрин (олтин медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 (22,3 млн. сўм), ўқитувчисига – 80 баравар (17,8 млн. сўм);
  • 2-ўрин (кумуш медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 85 (18,9 млн. сўм), ўқитувчисига – 65 баравар (14,49 млн. сўм);
  • 3-ўрин (бронза медаль) учун – ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 (15,6 млн. сўм), ўқитувчисига –50 бараварида (11,15 млн. сўм).

Қолаверса, мазкур қарор билан Халқ таълими вазирлигида Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш Департаменти ташкил этилган.

Департамент республика ва халқаро миқёсда ташкил қилинадиган олимпиадаларни мувофиқлаштиради, онлайн олимпиадалар ташкил қилади ҳамда мунтазам равишда иқтидорли ўқувчилар заҳирасини шакллантиради ва уларнинг мониторингини юритади.

Янгиликлар лентаси
0