ТОШКЕНТ, 1 авг - Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси – Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов ўткир нафас ва юрак етишмовчилигидан вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.
Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида яшаган Муса Ерниязовда жорий йил 24 июнь куни COVID-19 инфекцияси тасдиқланган ва академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган Хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг Нукус филиалига ётқизилган.
Сенаторга COVID-19 инфекцияси ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдром, ўткир нафас ва юрак қон-томир, полиорган, ўткир жигар ва буйрак етишмовчиликлари, бош мия шиши, инсульт каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, қандли диабет, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.
Бемор бир неча йилдан буён қандли диабет, гипертония, юрак ишемик касаллиги билан даволаниб юрган ва назоратда турган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, кеча ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, Муса Тажетдинович Ерниязов Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари сифатида мустақилликни мустаҳкамлаш, мамлакатда парламентаризм тизимини ривожлантириш ишига улкан ҳисса қўшган, иқтисодий-ижтимоий тараққиёт учун зарур бўлган муҳим қонунларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўлида айниқса фаоллик кўрсатган.
Муса Ерниязовнинг давлат ва халқ олдидаги улкан хизматлари муносиб тақдирланган. У "Меҳнат шуҳрати" ва "Фидокорона хизматлари учун" орденлари, "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи" ва "Ўзбекистон қаҳрамони" деган юксак унвонлар билан мукофотланган.