ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин мамлакатдаги коронавирус билан боғлиқ вазиятга баҳо берди.
Унинг таъкидлашича, июнь ва июль ойларида Россияда коронавирус билан касалланиш сони аста-секинлик билан камаймоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозир аниқланаётган янги касалланиш ҳолатлари май ойига қараганда икки бараварга камроқ.
“Шу билан бирга шуни айтмоқчиманки, вазият мураккаблигича қолмоқда, ҳар қандай томонга тебраниши мумкин. Айнан шунинг учун биз сиз билан тўпландик”, - деди у Россиядаги санитария-эпидемиологик вазиятга оид йиғилишда. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Путин хотиржамликка берилиш ва шифокорлар тавсиясини унутиш учун ҳеч қандай сабаб йўқлигини қўшимча қилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда пандемия бошлангандан буён 828 900 та COVID-19 билан касалланиш қайд этилган. Бугунга келиб 620 333 бемор тузалиб кетган. 13 мингдан зиёд киши вирус қурбонига айланган.