Азиз Абдуҳакимов карантин нега узайтирилганини тушунтирди

© Sputnik / Рамиз БахтияровАзиз Абдухакимов
Азиз Абдухакимов - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Бош вазир ўринбосари суҳбат давомида ота-онаси бозорда тасодифий тарзда коронавирусни юқтириб олишгани ва ҳозир даволанишаётгани маълум қилди.

ТОШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Азиз Абдуҳакимов карантин муддати нима сабабдан узайтирилаётгани борасида тушунтириш берди.

Азиз Абдуҳакимов бу ким учундир ноқулайлик ҳосил қилиш учун қилинган қарор эмас, балки жуда зарур эканини таъкидлади.

“Кўриб турибмизки, коронавирус инфекцияси барча ҳудудларда тарқалмоқда. Шу муносабат билан республика комиссияси томонидан 15 августга қадар карантинни узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу мажбур бўлинган зарурият. Амалдаги чекловлар чоралари 15 августгача сақланиб қолинади”, - деди у.

Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, фақат карантингина касаллик тарқалиши занжирини узишга ёрдам беради. Тиббиёт ходимлари ҳам имкон қадар ҳаракат қилаётганини қайд этди.

“Биз инфекцияни бартараф этдик дея олмаймиз. Афсуски, бу имконсиз. Дунёда бирор бир давлат бунинг уддасидан чиқмади. Дунёдаги ҳеч бир мамлакат бир вақтнинг ўзида барча касалланганларни тиббий ёрдам билан таъминлай олмади. Биз карантинни узайтиришимиз зарур”, - деди бош вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир ҳаммага оғир бўлмоқда, кўпчилик даромад манбаидан маҳрум бўлган.

“Махсус комиссия бундай одамлар ҳақида ҳам ўйламоқда. Уларга карантин чекловлари даврида зарурий озиқ-овқатлар етказиб берилади”, - деди Абдуҳакимов.

Шунингдек, у суҳбат давомида ота-онаси бозорда тасодифий тарзда коронавирусни юқтириб олишгани ва ҳозир даволанишаётгани маълум қилди. Бундан ташқари, ўтган ҳафта ўзи учун қадрдон бўлган икки нафар инсонни йўқотган.

Ўзбекистонда 20 391 та коронавирус ҳолати аниқланган. 11 004 киши касалликни енгган. Вирус қурбонлари сони 114 нафарга етган.

Янгиликлар лентаси
0