ТОШКЕНТ, 23 июл — Sputnik. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Исабек Ботирбеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
Ботирбековнинг сўзларига кўра, Тошкент шаҳар ССББ тегишли идоралар билан ҳамкорликда, аввало барча шифохоналардаги вазиятни тўлиқ ўрганган ҳолда касаллар учун қўшимча ўринларни ташкил этиш ва етарли шароитлар яратишга эътибор қаратди.
Пойтахтда коронавирусдан зарарланган беморларни даволаш учун 16 та шифохоналарда 3580 та жой-ўринда 2796 бемор даволаниб келмоқда. Беморларнинг кескин кўпайиши муносабати билан тизимда бир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланиб, уларнинг ечими борасида уч йўналишда ташкиллаштирилди.
“Биринчи йўналиш - касалларни аниқлаш ва даволаш. Иккинчиси - озиқ-овқат ва дори-дармон билан узлуксиз таъминлаш ҳамда нарх-навони барқарор сақлаш. Учинчиси - хавфсизлик ва карантин. Тадбирлар давомида, 15-20 июль кунлари, 10та давлат ҳамда 7та хусусий тиббиёт муассасаларида 2002та қўшимча ўринлар ташкил қилиниб, 442 нафар беморлар жойлаштирилиши таъминланди”, - деди ССВ вакили.
Тошкент шаҳар тез тиббий клиник шифохонасида бугунги кунда 230 нафар коронавирус касаллигига гумон қилинаётган беморларни даволашга мўлжалланган қўшимча койко-ўрин яратилди ҳамда 4 дона ЎСВ (ИВС), 15 та СИПАП аппарати билан таъминланиб, даволаниш учун шароит яратилди. Аҳолига янада қулайлик яратиш, чуқурлаштирилган кўриклар ўтказиш мақсадида, ҳар бир туманда компьютер томографиясига эга, жами 20 та хусусий клиникаларда 24 соатлик иш тизими йўлга қўйилди. Бир кунда ўртача 850 нафар фуқаро кўрикдан ўтмоқда. Тез тиббий ёрдам хизматларига 75 та, санитария-эпидемиология хизматига 23 та “Дамас” русумли автомашиналар етказиб берилди.
Куни кеча Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан махсус жиҳозланган 28 та Isuzu ҳамда 2 та Volkswagen автомашинаси олиб келинди ва бугун тиббиёт муассасаларига тарқатилди. Тошкент Давлат иқтисодиёт университети мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда, аҳолига телефон орқали тиббий маслаҳат берувчи колл-марказ ташкил этилди. Унга Тошкент Тиббиёт академияси, Педиатрия, Стоматология, Фармацевтика институтлари ҳамда 6 та тиббиёт коллежлари кўнгилли талабали ва ўқитувчилари жалб қилинди. Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси билан ҳамкорликда, даволаш муассасаларига қўшимча 220 та кислород балонлари олиб келиниб, 100 таси тарқатилди ва 120 таси заҳирага олинди.
“Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 5та ҳудудда кислород станциялари қуриш бўйича лойиҳа ҳужжатлари тайёрланиб, Туркиядан ускуналар олиб келиниши чоралари кўрилмоқда. Хусусан, 2020 йил 15 мартдан шу кунга қадар, жами тиббиёт ҳодимларига 37,5 миллиард сўм маблағ миқдорида моддий рағбатлантирилди ва қўшимча тўловлар амалга оширилди. Тошкент шаҳридаги 11 та марказий кўп тармоқли ва 64 та оилавий поликлиникаларда беморларнинг дастлабки кўриги учун барча шароит ва имкониятлар, хусусан Рентген ва УЗИ ва лабораториялар, энг муҳими – зарур мутахассислар мавжуд. Шу поликлиникаларда 16 минг нафар ходим хизмат қилади”, - деди Ботирбеков.
ССББ раҳбарининг сўзларига кўра, поликлиникаларда ишни икки сменада, шу жумладан якшанба кунлари ҳам ташкил қилиш белгиланди. Шу билан бирга, 75 та поликлиникада қўшимча 150 та мобил гуруҳлар ташкил қилинди. Битта мобил гуруҳига инфекционист-эпидемиолог, ва умумий амалиёт шифокори жалб қилинади. Дори-дармон ва тиббий буюмлар нарх-навосини барқарорлигини таъминлаш мақсадида, прокуратура, департамент ва солиқ идораларидан иборат тузилган 11 та ишчи гуруҳ туну-кун ишлари йўлга қўйилди. Шу кунларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш Бош бошқармаси томонидан бепул дори қутилари пойтахт аҳолисига тарқатилиши режалаштирилмоқда.