ТОШКЕНТ, 21 июл - Sputnik. Сеченов университетида ўзида вакцинани синаётган барча кўнгиллиларда коронавирусга қарши иммунитет ҳосил бўлди, одатда у вакцинациядан бир неча кун ўтиб пайдо бўлади, деди РИА Новостига Сеченов университети доривор воситаларни клиник ўрганиш маркази раҳбари Елена Смолярчук.
Сал олдин Сеченов университетида ўзида коронавирусга қарши вакцинани синовдан ўтказаётган кўнгиллиларнинг иккинчи гуруҳи душанба куни чиқарилгани ҳақида хабар берилган эди. Кўнгиллиларнинг биринчи гуруҳига 15 июль куни жавоб берилган.
"Ҳамма кўнгиллиларда иммунитет бор эди... Бу вакцина киритилгач пайдо бўладиган индивидуал реакция, лекин одатда иммунитет бир неча кундан сўнг пайдо бўлади.Биринчи ҳимоя - бир неча кундан сўнг ҳосил бўлади", - деди Смолярчук вакцинациядан сўнг қанча вақт ичида иммунитет ишлаб чиқарилади, деган саволга жавоб берар экан.
Аёлнинг айтишича, уч ҳафтадан сўнг, иммун тизими реакцияси ишга тушгач, ҳимоя нуқтаи назаридан энг кучли давр бошланади.
Смолярчукнинг айтишича, эмлаш амалга оширилгач, иммунитет қанчалик узоқ вақт сақланиб қолишини айтиш ҳозирча қийин, сабаби, бу саволга олимлар клиник тадқиқотларнинг кейинги фазасидан сўнг жавоб беришлари лозим.
"Агар вакцина ўз самарадорлигини исботласа, рўйхатдан ўтказилса, қайд этилгандан кейинги кенг кўламли йирик тадқиқотлар бошланади, унга катта миқдордаги вакцина қилинган одамлар жалб этилади, улар иммунитет қанчалик узоқ сақланади деган саволга жавоб бериш учун кузатилади", - деди Смолярчук.
Н.Ф. Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий илмий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқарилган вакциналарнинг клиник тадқиқотлари Сеченов университетида 18 июнда бошланган эди. Кўнгиллилар устидан синовлар шунингдек, Россия Мудофаа вазирлигининг Бурденко номидаги госпитадила ўтказилмоқда.