ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Футбол бўйича Coca-Cola Суперлигаси 10-тур ўйинлари қолдирилди. Бу ҳақда Профессионал футбол лигаси расмий сайтида хабар қилинди.
Хабарда ёзилишича, Суперлиганинг уч клуби — “Пахтакор”, “Бухоро” ҳамда “Сурхон”да умумий ҳисобда ўндан зиёд вирус юқтириб олган футболчилар бор.
“Coca-Cola Суперлигаси учрашувлари 28 июлга қадар тўхтатилади ва шу куни чемпионат 10-турдан бошлаб давом эттирилади. Тақвимнинг кейинги эҳтимолий кўринишлари алоҳида муҳокама этилади. ТВ дастурлар вақтига халал бермаслик мақсадида 10-тур учрашувларининг барчаси 19:00 да старт олади”, - дейилган хабарда.
Ушбу қарор 20 июль куни клублар иштирокида бўлиб ўтган видеоконференциядан кейин қабул қилинган.
Шу вақт мобайнида Суперлиганинг барча клублари бор диққат-эътиборини футболчилар саломатлигига қаратади. Клубларнинг барчаси хусусий клиникалар билан ҳамкорликда тест топширади. Бунда ЎзПФЛ ўзи рўйхатдан ўтказган барча футболчи ва мураббийлар тест топширганига ишонч ҳосил қилиши керак бўлади. Тест жавобларини тўлиқ тақдим этмаган клублар қолган жамоалар футболчилар саломатлигини хавф остида қолдирмаслик учун мусобақага қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Пахтакор” клубининг беш нафар ўйинчиси коронавирус билан касаллангани хабар қилинган эди.