ТОШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. “Пахтакор” футбол клуби ўйинчиларида коронавирус аниқлангани бўйича маълумот берилди.
Клубнинг телеграмдаги каналида билдирилишича, асосий жамоанинг 5 нафар футболчисининг коронавирусга топширилган тест натижалари мусбат чиққан.
Таъкидланишича, “Пахтакор” футбол клубида доимий равишда футболчилар ва клуб ходимлари COVID-19 га мунтазам тарзда тест топшириб келишади.
ОКМК билан ўтказилган Суперлига 9-тур баҳсидан кейин баъзи футболчилар соғлиғида муаммолар пайдо бўлган. Шундан кейин машғулотлар вақтинча тўхтатиб турилган.
Айни пайтда коронавирус аниқланган 5 нафар футболчи яккаланган ва даволанишмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Пахтакор” футбол клубининг бир неча ўйинчисида коронавирус аниқлангани ҳақидаги хабар тарқалган эди.