ТОШКЕНТ, 17 июл - Sputnik. Подмосковьеда мигрантлар томонидан олти ой ичида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 %га, маъмурий ҳуқуқбузарликлар эса 54,6 %га камайди, деб хабар беради Москва вилояти минтақавий хавфсизлик бош бошқармаси матбуот хизмати.
"Россия ИИВ Москва вилояти бўйича Бош бошқармаси маълумотларига кўра, йил бошидан бери Москва вилоятида чет эл фуқаролари томонидан содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,7 фоизга, маъмурий ҳуқуқбузарликлар сони эса 54,6 фоизга камайди”, - дейилади хабарда.
Матбуот хизматининг хабар беришича, минтақада олти ой ичида хорижий фуқаролар 2 807 та жиноятни содир этган, бу 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 190 та жиноятга оз, шунингдек, 17342 та маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишган, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 14365 тага камдир.
Қотилликлар сони 61,3% га, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмаси - 18,7% га, босқинчилик - 17% га, талончилик - 8,2% га, ўғрилик - 0,1% га камайган.
"2020 йилда муҳожирлар ўртасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар сонининг камайиши коронавирус инфекциясининг тарқалишининг олдини олиш учун қабул қилинган чекловчи чоралар, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ишини ташкил қилинганлиги билан боғлиқ. Бундан ташқари, Москва вилоятида чет эл фуқароларининг ихчам яшаш жойлари устидан назорат ташкил этилган", - деди вилоят ҳукумати раисининг ўринбосари, Москва вилояти Минтақавий хавфсизлик бош бошқармаси раҳбари Роман Каратаев.