ТОШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари Халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот тайёрлашмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистон МДҲга раислиги доирасида 15 июль куни МДҲга аъзо давлатлар экспертлари видеоконференцалоқа шаклида Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг Халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёноти лойиҳасини муҳокама қилган.
Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова (кузатувчи сифатида), Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этган.
“Муҳокама қилинаётган ҳужжат жаҳон ҳамжамияти эътиборини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, жумладан, уларни халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш вазифалари билан боғлиқ мақсадларда ишлатишнинг заруратига эътибор беришга ундайди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ҳужжат лойиҳаси юзасидан томонларнинг эътироз ва таклифлари муҳокама қилинди ва матннинг асосий бандлари келишилган. Лойиҳани муҳокама қилишни 21-август куни видеоконференция шаклида давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Лойиҳа маъқуллангандан сўнг ҳужжат жорий йил октябр ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлисида қабул қилиниши режалаштирилмоқда