ТОШКЕНТ, 14 июл - Sputnik. Қозоғистон мудофаа вазирининг ўринбосари Бақит Курманбаев 50 ёшида вафот этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
“2020 йил 14 июл куни Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Курманбаев Бақит Жанузакович вафот этди”, - дейилади Мудофаа вазирлиги сайтидаги хабарда.
Идора маълумотларига кўра, Курманбаев Арис шаҳридаги арсенал портлаши оқибатларини бартараф этишда салмоқли ҳисса қўшган, коронавирус пандемиясига қарши курашнинг дастлабки кунларидан бошлаб у инфекциянинг тарқалишига қарши чора-тадбирларни ташкил қилиш ва таъминлашда фаол иштирок этган.
Курманбаев 1993 йилда Ал-Форобий номидаги Қозоқ давлат университетини тамомлаган. 2005 йилда Россия Федерацияси Қуруқликдаги кучлари Қўшинлар ҳарбий ҳаво мудофааси Ҳарбий академиясида таҳсил олган, 2008 йилда эса Россия Қуролли Кучлари Бош штаби Ҳарбий академиясининг Олий академик курсларини тамомлади.
У турли йилларда Мудофаа вазирлигида раҳбарлик лавозимларни эгаллаб келди, шунингдек, Қозоғистон Хавфсизлик кенгашининг ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа бўлимини бошқарган.
2019 йил апрел ойида генерал-майор Курманбаев мудофаа вазирининг ўринбосари этиб тайинланди, у моддий-техник таъминот, ҳарбий-саноат комплекси билан ҳамжиҳатлик, қурол-яроғ ва ҳарбий техника, шунингдек, тиббий таъминот масалаларини бошқарган.