ТОШКЕНТ, 12 июл — Sputnik. Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар ажратади. Тегишли битим Ўзбекистон бош вазирнинг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ва Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директор Лилия Бурунчук томонидан имзоланди.
Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси томонидан тегишли равишда 276 млн доллар ва 224 млн доллар миқдорида молиялаштирилади.
Ушбу лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг барча минтақаларидаги фермерлар ва агро корхоналари вакиллари учун замонавий технологиялар, техник маслаҳатлар, ишлаб чиқариш, агрологистика, фитосанитариянинг турли босқичларида қўллаб-қувватлаш хизматларидан, шунингдек, савдо ҳажмини ошириш учун зарур ахборот манбаларидан фойдаланиш имконияти яратилади.
Лойиҳада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар интенсив боғдорчиликни ривожлантириш, иссиқхона ҳужаликларини ташкил этиш ҳамда маҳсулотларни сақлаш, қадоқлаш ва қайта ишлаш қувватларини яратиш, шунингдек, энергетик ва сувни тежайдиган технологиялар ва қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳа Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизация қилиш, амалий тадқиқотларни ўтказиш ва тармоққа илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беради.
Лойиҳа тадбирлари уруғчиликни ривожлантириш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, муайян ҳудудларга мўлжалланган агроэкологик иқлимга чидамли технологияларни жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистондаги ўсимликларнинг ноёб генетик материалларини сақлаш масалаларига қаратилган бўлади.