ТОШКЕНТ, 11 июл - Sputnik. Андижон вилояти Балиқчи туманидаги 11-сонли мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Г.Хўжақулова ўз жонига қасд қилди, деб хабар бермоқда МТТ вазирлиги матбуот-хизмати.
Таъкидланишича, мактабгача таълим вазири тегишли фармони билан МТТ бўлими фаолиятини ўрганиш учун ишчи гуруҳ ташкил этилган.
Ишчи гуруҳ ахборотига кўра, 1967 йилда туғилган Хўжақулова жорий йил май ойи бошида ўз жонига қасд қилган ва олган жароҳатлари туфайли касалхонага олиб борилган. Шифокорларнинг уринишларига қарамай, боғча мудирасининг ҳаётини асраб қолишнинг иложи бўлмаган.
Хўжакулова ушбу лавозимда 2010 йилдан буён ишлаб келаётгани айтилмоқда.
Балиқчи тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар суриштирувларга кўра, марҳум Хўжакулова соғлиғи ва ишдаги муаммолар туфайли психологик ҳолатида юз берган ўзгаришлар туфайли ўз жонига қасд қилган.
Мактабгача таълим вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Балиқчи тумани бўлими ишини ўрганиш шуни кўрсатдики, ушбу туман бўлими бошлиғи ўз вазифаларига бепарволик билан муносабатда бўлиб, натижада туманда носоғлом вазият юзага келди.
Шунингдек, май ойида юз берган текширувлар натижасида 11-сонли МТТда таъмирлаш-қурилиш ишларини амалга оширган "Милано қурилиш" МЧЖ расмий ҳужжатларга сохта маълумотларни киритиш йўли билан бюджет маблағларини ўмаргани фош бўлган. Бундан ташқари, таъмирлаш-қурилиш ишлари сифатсиз амалга оширилгани ўз тасдиғини топган.
Аниқланган қонунбузарлик ҳолати бўйича Балиқчи тумани прокуратураси томонидан жиноий иш қўзғатилган.
Ишчи гуруҳининг аниқлашича, Балиқчи тумани МТБсида ишлар тизимли йўлга қўйилмагани; раҳбар хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганлиги; идоравий назорат сусайтириб юборилгани ва натижада аҳоли орасида мактабгача таълим тизимига нисбатан норозилик кайфияти пайдо бўлганлигини аниқлади.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда Балиқчи тумани Балиқчи тумани МТБси мудири С.Хонкелдиева билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.