ТОШКЕНТ, 10 июл - Sputnik. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияда яна учта Бош консуллигини очиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Тахминларга кўра, дипломатик идоралар Тула, Самара ва Саранскда очилиши мумкин. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Эркин Ҳамраев парламентнинг “Народное слово” газетасига берган интервьюсида маълум қилди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ваколатхоналари Россиянинг етти шаҳрида мавжуд:
• республика элчихонаси Москвада жойлашган. Шунингдек, элчихона қошида республика Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси фаолият юритмоқда;
• Бош консулликлар Санкт-Петербург, Екатеринбург, Владивосток, Қозон, Ростов-Дон ва Новосибирскда очилган.
Ҳамраевнинг сўзларига кўра, айни пайтда РФ ҳудудида 1,5 миллион ўзбекистонлик бор. Бироқ, республика фуқаролари ўз ҳолига ташлаб қўйилмади, дея қўшимча қилди вазир ўринбосари.
Шунингдек ватандошлар, турли идораларнинг, шу жумладан, Ўзбекистон фаол ҳамкорлик қилаётган "Россия мигрантлар Федерацияси" жамоат ташкилотининг ҳудудий бўлинмаларининг ёрдамига таяниши мумкин.
“Россияда ишни давом эттириш ниятида бўлган фуқаролар, РФ ҳудудида карантин чоралари аста-секин юмшатилаётганлиги сабабли, бош консулликларга бўш иш ўринлари тўғрисида маълумот олиш учун мурожаат қилмоқдалар”, - дея қўшимча қилди Хамраев.
Таъкидланишича, чет элда Ўзбекистоннинг иқтисодий фаол аҳолисининг қарийб 20 фоизи ишламоқда - бу 2,5 миллион киши дегани.