ТОШКЕНТ, 9 июл - Sputnik. Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 11 мингдан ошгани туфайли республика миқёсида автотранспорт воситаларининг ҳаракатини чеклаш бўйича янги тартиб жорий этилмоқда.
Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 10 июлдан эътиборан:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши (вилоятлараро қатнов) тўхтатилади (Тошкент шаҳридан Тошкент вилоятига ҳамда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб-чиқиш бундан мустасно);
жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади;
автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида (07.00 дан – 10.00 гача, 17.00 дан – 20.00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.
Бунда автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши давомида сантария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш талаб этилади;
вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарлари атрофидаги йўл патрул хизмати масканлари, блокпостлар ва тўсиқ постлар фаолияти ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги кучларини ҳамда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси вакилларини жалб қилган ҳолда кучайтирилади.
Карантин даврида фуқароларнинг мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
Автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.
Шу билан бирга рухсатномаси мавжуд бўлмаган ҳолда ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарлик давом эттирилишига йўл қўймаслик мақсадида карантин талабларни бузган шахсларга маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилиши ҳамда автотранспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши назарда тутилди.
Такси қатновига рухсат берилди
Йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиш лицензиясига эга бўлган йўналишсиз таксилар фаолиятига махсус талаблар асосида фақатгина автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) ҳаракатланишга рухсат берилади.
Бунда фақатгина икки нафар йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғига ўтказилиши керак;
Фуқароларга кечиктириб бўлмайдиган тез тиббий ёрдам кўрсатиш (ҳомиладорлик, туғруқ, тана жароҳати, ОИВ/ОИТС, онкологик ёрдам, нурланиш терапияси, гемодиализ ёрдамини кўрсатиш, жарроҳлик амалиёти зарур бўлганда, инсон ҳаётига хавф туғдираётган бошқа ҳолатлар) билан боғлиқ ҳолларда тиббиёт муассасасига бораётган ва ундан қайтаётган шахсий автотранспорт воситаларида ҳаракатланишга рухсат берилади.
Етказиб бериш хизмати (кейтеринг) ташкилотлари автотранспорт воситаларининг стикерсиз ҳаракатланишига рухсат берилади.