ТОШКЕНТ, 8 июл — Sputnik. АОКАда Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг ахборот юзасидан матбуот анжумани ўтказилмоқда.
“Энди Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига ишловчиларнинг кириб-чиқишига ҳам рухсат берилмайди. Барча ҳудудлар “қизил ҳудуд”га айлантирилди”, — деди ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов.
Унинг сўзларига кўра, стикерга эга автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат этилади.
“Бироқ ушбу масалани бугун яхшилаб ўрганиб, эртага ўтказиладиган брифингда аниқ жавобни айтишим мумкин”, - дея қўшимча қилди Ғиёсов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 10 июлдан 1 августга қадар карантин чоралари кескин кучайтирилмоқда. Жумладан, автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланмоқда, ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланмоқда. Шунингдек, тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланмоқда.