ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Монополияга қарши курашиш қўмитаси цементни импорт асосида республикага “яшил йўлак” тизими орқали олиб киришни таклиф қилди. Тегишли президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
Таъкидланишича, бу билан тадбиркорларга қулайлик яратиш ҳамда ички бозорни сифатли цемент билан узлуксиз таъминлаш кўзда тутилган.
Цементни “яшил йўлак” тизими орқали божхона расмийлаштируви қуйидаги тартибларнинг бирини қўллаш орқали амалга оширилиши мумкин:
- цемент тўпи божхона чегарасига келгунига қадар импорт қилувчи хўжалик юритувчи субъект томонидан ихтиёрийлик асосида унинг намуналари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун сертификатлаштириш органига тақдим этилади, бунда маҳсулотнинг эркин муомалага чиқарилиши тегишли мувофиқлик сертификати олингандан сўнг амалга оширилади;
- охирги 12 ой давомида берилган мувофиқлик сертифати асосида (амал қилиш муддатидан қатъий назар) цемент божхона чегарасига олиб келгандан сўнг “Ягона дарча” божхона ахборот тизимида маҳсулотни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш учун берилган аризанинг сертификатлаштириш органи томонидан қабул қилиниши ва синовлар ўтказиш учун шартнома тузилиши маҳсулотнинг эркин муомалага чиқарилишига асос бўлади, бунда лаборатория синовларининг натижаларига кўра синов баённомаси берилади;
- сертификатлаштириш органи билан хўжалик юритувчи субъект ўртасида тузилган шартнома доирасида цементни техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги сертификатлаштириш органи томонидан даврий равишда лаборатория синовларидан ўтказилади.
Шу билан бирга, лаборатория синови натижаларига кўра цемент белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган тақдирда, бу тўғрисида бир кун муддатда сертификатлаштириш органлари томонидан хўжалик юритувчи субъект ва тегишли давлат органлари хабардор қилинади.
Бунда, белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган цемент реализация қилинган тақдирда, хўжалик юритувчи субъект томонидан маҳсулот реализациясидан тушган тушум харидорларга қайтарилади ёхуд харидорларни аниқлаш имкони бўлмаган тақдирда республика бюджетига олиб қўйилиши режалаштирилган. Ушбу икки ҳолат бўйича «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти кўрсатма беради.
“Белгиланган талабларга номувофиқ деб топилган цементни олиб кирган хўжалик юритувчи субъект олти ой муддат давомида ушбу маҳсулотни олиб киришда „яшил йўлак“ тизимидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмайди”, — дейилган ҳужжатда.
Шу билан бирга, “Ўзстандарт” агентлиги ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш департаменти берган кўрсатмани бажармаганлик учун хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахслари ва якка тартибдаги тадбиркорлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.
Қарор лойиҳасига кўра, талабларга жавоб бермайдиган цементни импорт қилгани учун тадбиркорлар қуйидаги миқдордаги жарималарга тортилиши режалаштирилмоқда:
- техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни олиб кирганлик учун хўжалик субъектларга божхонада расмийлаштириш учун тақдим этилган ҳужжатларда акс эттирилган маҳсулот қийматининг 25 фоизи, ушбу ҳолат такроран содир этилганда 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
- маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги меъёрий ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган цементни реализация қилганлик учун сотилган цемент тўпининг қийматидан 25 фоизи, ушбу ҳолат такроран содир этилганда 50 фоизи миқдорида жарима қўлланилади;
- сертификатлаштириш органи цементнинг мувофиқлигини баҳолаш қоидаларини бузганлиги аниқланган тақдирда, мазкур ҳолат юзасидан кўрсатилган хизмат қийматининг 5 баробари ва ушбу ҳолат такроран аниқланганида 10 баробари миқдорида ушбу сертификатлаштириш органига жарима қўлланилади, шунингдек 6 ой мобайнида цементнинг мувофиқлигини баҳолашга йўл қўйилмайди.
Қарор лойиҳаси 20 июлга қадар муҳокама қилинади.