ТОШКЕНТ, 6 июл — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг биринчи президенти – элбоши Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
“Давлатимиз раҳбари суҳбат аввалида Нурсултон Абишевич Назарбоевни юбилей билан самимий табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва янги зафарлар тилади”, - дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Хабарда ёзилишича, элбошининг замонавий Қозоғистонни барпо этиш, кучли давлат бошқаруви институтлари ва миллий кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш, мамлакат рақобатбардошлиги, халқаро нуфузини оширишга ва, энг муҳими, аҳолининг юксак турмуш даражасини таъминлашга қаратилган самарали ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишдаги тарихий роли алоҳида қайд этилган.
Нурсултон Назарбоевнинг муваффақиятли амалга оширилган йирик ташаббусларидан бири – жадал ривожланиб бораётган Қозоғистоннинг “ташриф қоғози”га айланган янги пойтахт - Нур-Султон шаҳрига асос солингани таъкидланди.
Элбошининг глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, турли ҳудудлардаги можароларни тинч йўл билан ҳал этиш, Марказий Осиёда интеграцияни кучайтириш ва барқарор тараққиётга эришиш борасидаги ташаббуслари халқаро ҳамжамиятда кенг эътирофга сазовор бўлди.
Таъкидланишича, Қозоғистоннинг биринчи президенти мамлакатлар ўртасидаги қардошлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.
Мулоқот чоғида етакчилар икки томонлама ва халқаро аҳамиятга молик қатор долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш, пандемиянинг ўзаро манфаатли ҳамкорликка салбий таъсирини камайтириш бўйича ўзаро яқин мувофиқлашув ва шерикликни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, бугун Нурсултон Назарбоев 80 ёшни қарши олди.