ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида йирик ва майда шохли наслли чорва молларини саноат усулида, шунингдек, яйлов ва пичанзорларда ҳайдаб боқиш, чорва моллари учун озуқа ишлаб чиқариш, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлашга доир лойиҳаларни амалга ошириш учун лойиҳа ташаббускорларига:
- чорва молларини саноат усулида боқиш учун суғориладиган ерлар ҳамда уларни ҳайдаб боқиш учун пичанзор ва яйловлар, чорвачилик комплекслари, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш, омухта ем ишлаб чиқариш мақсадида бино ва иншоотлар қуриш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси бўлмаган тақдирда, унумдорлиги паст суғориладиган ер участкалари, истисно тариқасида, танлов ва аукцион ўтказмасдан Комиссиянинг тавсиясига асосан ажратиб берилади;
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан бир вақтнинг ўзида компенсация билан биргаликда кафиллик ҳам берилади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган ушбу ҳудуддаги чорвачилик соҳасидаги тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, истисно тариқасида, жамғарманинг кафиллигидан фойдаланишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, президентнинг тегишли қарори билан юқоридаги имтиёзлар фақат Қорақалпоғистон Республикасининг Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманлари учун татбиқ қилинган эди.