ТОШКЕНТ, 1 июл - Sputnik. 2020-йил 30-июн куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов "Марказий Осиё – АҚШ" ("C5+1") видеоконференциясида иштирок этди.
Тадбирда, шунингдек, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков, Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди, Тожикистон Ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, Туркманистон Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов ва АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео иштирок этдилар.
Томонлар минтақавий иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга, жумладан, коронавирус тарқалишига қарши курашнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар.
COVID-19 пандемияси шароитида глобал ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон ТИВ раҳбари рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, миллий транспорт стратегияларини мувофиқлаштириш, қишлоқ хўжалигида инноватсияларни рағбатлантириш, минтақа мамлакатларининг энергетика салоҳиятини кенгайтириш, Марказий Осиёнинг экологик оғир минтақаларида ижтимоий-иқтисодий аҳволни яхшилаш, хусусан Оролбўйини инноватсиялар ва технологиялар ҳудудига айлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш каби йўналишлардаги ҳамкорликка урғу беришни таклиф қилди.
Абдулазиз Камилов Ўзбекистон томони халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича фаол ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қайд этди.
Ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг нутқларида “C5+1” шакли Марказий Осийода тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни илгари суриш платформаси сифатида ўзининг аҳамияти ва долзарблигини намойиш этишда давом этаётганлиги тасдиқланди.