ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги техникалари мажбурий тартибда синовдан ўтказилади. Бу президент қарорида кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
- импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган барча турдаги қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмлари мажбурий тартибда синовдан ўтказилади;
- ушбу текника, агрегат, бутловчи қисмлар такомиллаштирилганда ҳамда уларга қўшимча функцияларни бажариш юклатилганда такрорий синовларга тақдим этилади;
- Ўзбекистон ҳудудида фойдаланишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг ягона давлат реестрига киритилган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларидан республикада экинларни етиштиришда фойдаланишга рухсат этилади;
- қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг агрегатлари ва бутловчи қисмлари учун мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш тизими йўлга қўйилади.
2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган синов ускуналари ва ўлчаш воситалари божхона божидан озод қилинади.