Дунё миқёсида танилган ўзбек олими вафот этди

CC0 / / Свеча
Свеча  - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Атоқли ўзбек ёзувчиси Ойбекнинг ўғли, академик Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида оламдан ўтди. У биофизиканинг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири саналади.

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Бекжон Тошмуҳамедов 85 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Тошмуҳамедов биофизиканинг Ўзбекистондаги асосчиларидан бири, дунё миқёсида танилган йирик олим саналади.

“Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Бекжон Тошмухамедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, - дейилган хабарда

Бекжон Тошмуҳамедов 1935 йил 27 январда Тошкентда ёзувчи Ойбек хонадонида туғилган. 1958 йилда Москва давлат университетини тамомлаган. Тошкент давлат университетида кичик илмий ходим, биокимё ва биофизика кафедраси доценти, Ўзбекистон ФА ядро физикаси ва биокимё институти биофизика лабораторияси мудири бўлиб ишлаган.

Шунингдек, у ТошДУ биофизика ва атроф-муҳит муҳофазаси кафедраси мудири, Ўзбекистон ФА Физиология институтида директор, бўлим бошлиғи, Олий аттестация комиссияси раиси, Ўзбекистон ФА Президиуми аъзоси бўлган.

Асосий илмий ишлари биологик мембраналарнинг ҳосил бўлиши ва уларнинг бошқарувчанлик роли, токсинлар, гормонлар, пестицидлар, феромонлар, дефолиантлар ва бошқа биологик фаол моддаларнинг мембранага таъсир қилиш механизмини ўрганишга оид.

У Германия, АҚШ, Буюк Британия, Япония ва Перуда илмий фаолият билан шуғулланган. Биология ва биофизика бўйича халқаро анжуманларда қатнашган.

Бекжон Тошмуҳамедов ЮНЕСКО қошидаги “Инсон ва биосфера” миллий комитети раиси (1998), “Ўзбекистон биология журнали” бош муҳаррири (1996 йилдан) бўлган. Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1989).

Бекжон Тошмуҳамедов 300 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. У 20 дан ортиқ фан докторлари ва 40 дан ортиқ фан номзодларини тайёрлаган.

Янгиликлар лентаси
0