ТОШКЕНТ, 22 июн — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 86 кишида коронавирус аниқланди, охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 6401 нафарни ташкил қилмоқда.
Ўзбекистонга хориждан қайтган 43 фуқарода коронавирус аниқланди, 35 нафари карантин марказидаги фуқаролар, 1 нафари — Тошкент шаҳрида аҳоли орасида ва 7 нафари — Тошкент вилоятида бемор билан мулоқотда бўлган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 73 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Жами соғайганлар сони 4450 нафар.
Айни пайтда 1932 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Айни вақтда 18 нафар беморнинг аҳволи оғир.
Ўзбекистонда 1 038 575 та коронавирус тести ўтказилди. 59 540 нафар фуқаро саломатлиги устидан тиббий назорат давом этмоқда.
Карантин зонада ўлим
Юқоричирчиқ туманидаги “Ўртасарой” карантин марказида 42 ёшли фуқаро ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан жорий йилнинг 21 июнь куни интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган хабар ўрганилди.
Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшаган фуқаро С.С. 20.06.2020 йилда “Ўртасарой” карантин марказида ўзи ётган хонага ўрнатилган кондиционернинг ташқи томондаги паррагига чойшаб билан номаълум сабабларга кўра ўзини осганлиги оқибатида вафот этган.
Иш ҳужжатларига кўра, С.С. 15.06.2020 йил куни чартер рейс орқали “Москва-Тошкент” йўналишида Ўзбекистонга келган ва “Covid-19” коронавирусига чалинган ёки чалинмаганлигини аниқлаш мақсадида Юқоричирчиқ туманидаги “Ўртасарой” карантин марказига жойлаштирилган ва ундан коронавирусга суртма олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берган А.Э. жорий йилнинг 15 июнь куни чартер рейс орқали “Москва-Тошкент” йўналишида Ўзбекистонга келганлиги ва “Ўртасарой” карантин марказига олиб келинганлигини, шу куннинг ўзида 1 та хонага тўрт киши бўлиб киришганлигини, уларнинг бири яъни С.С. ўзини ёмон тутиб касалликка чалинганлигини айтиб улар билан туришни хоҳламаганлигини, ярим соатларча хонанинг ҳовлисида ўтирганлигини, шундан сўнг шифокорлар келиб у билан суҳбатлашиб, уни алоҳида хонага жойлаштирганлигини баён қилган.
Шунингдек, “Ўртасарой” карантин марказига хизматга келган, Тошкент шаҳар Олмазор туман кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори Ш.М. нинг ҳолат юзасидан берган тушунтиришида фуқаро С.С. карантин ҳудудига жойлаштирилган кундан бошлаб ўзини агрессив тута бошлаганлигини, овқат ейишни хоҳламаганлигини, вирусга чалинганлигини айтиб у билан бирга жойлаштирилган шахсларга касаллигини юқтириши мумкинлигини ва улар билан бирга туришни хоҳламаган ҳолда бошқа контейнерга жойлаштиришларини талаб қилганлигини, шундан сўнг блокда тинчлик сақлаш мақсадида С.С. бошқа хонага ўтказилганлигини, 16 июнь С.С. психиатр кўригидан ўтганлигини баён қилган.
Ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳудудлар рўйхати янгиланди
2020 йил 20 июнь ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга ажратилган туман (шаҳар)лар рўйхати янгиланди.
Ҳудудлар рўйхати.
Туркия-Ўзбекистон парвозлари
Туркиянинг Turkish Airlines халқаро авиакомпанияси 1 июлдан Истанбул–Тошкент парвозларини қайта йўлга қўйилишини маълум қилди. Самолётлар ҳафтасига 4 марта: Истанбулдан Тошкентга сешанба, чоршанба, шанба ва якшанба кунлари; Тошкентдан Истанбулга эса душанба, сешанба, жума ва шанба кунлари қатновларни амалга оширади.
Россиядан Ўзбекистонга
Ўтган ҳафта давомида махсус чартер парвозлар билан Россиядан Ўзбекистонга 1100дан ортиқ фуқаролар олиб чиқилди. Ўзбекистон фуқароларини олиб чиқиш учун Москва шаҳридан 4та парвоз, Қозондан 1та парвоз ташкил қилинган.
Дунё саломатлиги
COVID-19 дунёнинг 188 та давлатига етиб борди. Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 8,9 миллиондан ошди, 468 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШ (2,2 млн), Бразилия (1,0 млн), Россия (583 минг).