Жанубий Корея Ўзбекистонга иқтисодиётни рақамлаштиришда беғараз ёрдам беришга тайёр

CC0 / Unsplash / Carlos Muza / Монитор, на котором демонстрируется график
Монитор, на котором демонстрируется график - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорлик илмий-тадқиқот маркази ишини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Бунга Корея беғараз асосда 2 миллион доллар ажратади.

ТОШКЕНТ, 16 июн - Sputnik. Инчеон шаҳридаги Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес марказида Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан Корея Давлат бошқаруви ва хавфсизлиги вазирлигининг масъул ходимлари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар қилмоқда.

Музокараларда Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорлик илмий-тадқиқот маркази ишини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Жанубий Корея вакилларининг таъкидлашича, олдинги келишувларга мувофиқ ушбу лойиҳани амалга ошириш учун беғараз асосда 2 миллион доллар ажратиш, шунингдек, электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт бўйича учта юқори малакали мутахассисларни юбориш режалаштирилган.

Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат  - Sputnik Ўзбекистон
Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат - президент топшириғи

Томонлар икки мамлакат тегишли вазирликлари ўртасида Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида Электрон ҳукумат бўйича ҳамкорликни ўрганиш маркази ташкил этиш тўғрисида янгиланган келишувни имзолаш масаласини имкон қадар тезроқ ҳал қилишга келишиб олди. Музокараларни ишчи гуруҳ даражасида, жумладан видеоконференциялар орқали давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Жанубий Корея томони лойиҳанинг асосий кўрсаткичлари келишилганидан сўнг тадқиқот марказида амалда иш бошлаш учун мутахассисларни Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда Шавкат Мирзиёев “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида лойиҳаларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорни имзолаган эди.

Ҳужжатга асосан ягона интегратор электрон сектор тизими ва иқтисодиёт тармоқларида ахборот технологиялари учун дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқади ва тадбиқ этади. Шу билан бирга, аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига электрон давлат хизматлари кўрсатилишини назорат қилиш ва такомиллаштириш ишларини ҳам амалга оширади.

Янгиликлар лентаси
0