ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ пойтахтда икки фарзанди билан дарахт остида яшаб келган андижонлик аёлга ёрдам кўрсатди.
ИИББ матбуот хизмати хабарига кўра, 2020 йил 11 июнь куни патруль-пост хизмати ходимлари икки ёш боласи билан кўчада қолган аёлни кўриб қолишади. Тахминан соат 15.00 да улар Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги 9-сон ИИБга олиб келинади. У ерда уларни хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор лейтенант Н. Қаҳрамонова кутиб олади. Аниқланишича, кўчада қолган аёл – Андижон вилояти Хўжаобод туманидан келган экан.
Аёлнинг уйидаги вазият кескинлашиб боргач, кунларнинг бирида оилавий келишмовчилик сабабли аёл фарзандлари билан кўчада қолган. Оилавий ҳаётни тиклашдан ҳафсаласи пир бўлган аёл 2019 йилнинг куз фаслида болалари билан Тошкентга иш излаб келади.
Маълум вақт давомида аёл турли ишларни бажараб пул топган. Илон Ота қабристони қоровулининг будкасида яшаб юрган. Жорий йилда эса иш топиш қийинлашди, кейинчалик эса умуман иш топиб бўлмайдиган бўлиб қолди. Пул тугагач, бошпанадан ҳам маҳрум бўлишади. Шу боис аёл болалари билан Тошкент халқа автомобиль йўли бўйидаги дарахтлар остида жойлашиб олган. Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари уни айнан ўша ерда учратиб қолишади.
Хотин-қизлар масалалри бўйича катта инспектор лейтенант Н.Қаҳрамонова Андижон вилоятидаги ҳамкасблари билан боғланиб, ушбу муаммо ҳақида маълум қилди.
Шунингдек, саломатлиги билан боғлиқ муаммолари борлиги туфайли аёл тиббий ёрдамга ҳам муҳтож эди. Аҳволи яхшилангач, аёл турар жойи бўйича Андижон вилоятига жўнатилди. Андижон вилояти ИИБдаги ҳамкасблар аёлни кутиб олиб, муаммоларини ҳал қилишда ёрдам беришларини билдиришди.
“Албатта аёлни ҳали кўп ишлар кутмоқда, ҳаётни бошидан бошлаш осон иш эмас. Аммо биз унинг энг оғир кунлари ортда қолди деган умиддамиз”, - дея якунланган хабар.