ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Гулнора Каримованинг Париждаги мулки сотувидан тушган 10 млн доллар бюджетга ўтказилди. Бу ҳақда бугун АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифингда Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Севара Ўринбоева ахборот берди.
“Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Бош прокуратураси томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган мулкларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг 14 май куни Франциядан 10 миллион АҚШ доллари миқдоридаги активлар Ўзбекистонга қайтарилганидан хабардорсиз.
Шу билан бирга, қайд этиш жоизки, мулкларни қайтариш бўйича барча музокаралар ва тадбирлар расмий даражада Ўзбекистон қонунчилиги ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистонга қайтарилган маблағлар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик даъвоси бўйича Париж шаҳри судининг 2019 йил 29 июндаги қарори ижроси доирасида мусодара қилинган Париж шаҳри Марашал Манури кўчасидаги “Triplex” турар жой мажмуасида жойлашган кўчмас мулкни сотишдан келиб тушган", - деди Адлия вазирлиги вакили.
Унинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан Ўзбекистоннинг ваколатли идоралари иштирокида Г.Каримова томонидан жиноий йўл билан орттирилган 1,3 млрд. АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги мулкларни қайтариш бўйича Швейцария, АҚШ, Франция, Россия Федерацияси ва бошқа давлатларнинг ваколатли органлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
"Алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур маблағлар Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетига ўтказиб берилди ва умумий тартибда ишлатилади. Жумладан, Франциядан қайтарилган маблағлар сарф қилиниши режалаштирилган ижтимоий лойиҳалар ва уларнинг амалга оширилиш жараёни ҳақида шаффоф маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам ва даврий тақдим қилиб борилиши режалаштирилган. Бу ҳақда Молия вазирлигининг мутасадди вакилининг чиқишида батафсил тўхталиб ўтилади”, - деди Адлия вазирлиги вакили.