ТОШКЕНТ, 15 июн — Sputnik. Коронавирусдан тузалиб кетганларда титроқ кузатилиши ўпка вазифаларининг қайта тикланишига боғлиқ бўлиши мумкин. Бу ҳақда РИА Новостига Роспотребнадзор Марказий илмий-тадқиқот эпидемиология институти клиник тадқиқотлар бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари доктори Татьяна Руженцова маълум қилди.
Аввалроқ МДУ катта илмий ходими, тиббиёт фанлари номзоди Зухра Павлова коронавирусни бошдан кечирганларнинг кўпчилиги титроқдан шикоят қилишини маълум қилган эди. Ушбу ҳолатда марказий асаб тизими бузилиши ҳақида гапириш мумкин, шу боис терморегуляция маркази азият чекади, дея тушунтирган эди эксперт.
“Бунақаси бўлади, Россия Федерациясида ҳам кузатилмоқда, зеро коронавирус инфекцияси жараёни агрессив, ўпка тўқималарининг зарарланиши етарлича намоён бўлади. Тикланиш даври кетаётганда, айниқса, яққол зарарланишлар йўқолаётган вақтда, албатта, бунинг ортидан реакциялар намоён бўлиши мумкин, титроқ улардан биридир”, - деди Руженцова.
У назарий жиҳатдан титроқ марказий асаб тизимининг зарарланиши билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкинлигини тушунтирди. Лекин бу сабаб ўпканинг тикланишидан кўра камроқ эҳтимолга эга.
Титроқ пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилиш лозим, чунки организмда қандай жараён кетаётганини аниқлаш учун такроран компьютер томографияси керак бўлиши мумкин.