ТОШКЕНТ, 6 июн - Sputnik. Тожикистоннинг Кулоб шаҳрида 63 яшар эркак ўзини молия бошқармаси олдида ёқиб юборди, у танасида 95% куйиш билан касалхонага олиб келинган, деб хабар қилмоқда Sputnik радиоси.
Хабарда қайд этилишича, шанба куни эрталаб Зариф Абдуллоев молия бошқармаси биноси қаршисида ўзини пичоқ билан жароҳатлаган, сўнгра устидан бензин қуйиб, ўз-ўзини ёқиб юборган.
Жабрдийда ички қон кетиш ва танасининг 95%и куйган бир аҳволда касалхонага олиб борилган. Шифокорлар сўзларига кўра, Абдуллоевни операция қилишган, аммо ҳозирда унинг аҳволи ўта оғирлигича қолмоқда.
Молия бошқармасида рўй берган ҳодисадан хабардорликлари, аммо эркак ҳаракати сабабларидан бехабарликларини маълум қилганлар.
"Менга аллақандай Зариф Абдуллоев ўзини Кулоб молия бошқармаси олдида ёқиб юборганини айтишди. Аммо ҳозирча ушбу ҳаракат сабабини билмайман. Фақатгина, Зариф Абдуллоев нон цехига эга эканлигидан хабардорман", – деб айтган Хатлон вилояти молия бош бошқармаси раҳбари Бахтиёр Назарзода.
ОАВда берилган маълумотларга кўра, Абдуллоев Кулоб молия бошқармаси билан ҳамкорлик қилган ва вилоят марказидаги мактабгача муассасаларни озиқ-овқат билан таъминлаган. Бошқарма унга аввал бошда қилинадиган барча ҳаражатларни қоплаб бериш ваъдасини берган, аммо кейинчалик эркак амалдорлардан ваъда қилинган пулларни қайтариш борасида кўп маротаба рад жавобини олган.