ТОШКЕНТ, 6 июн — Sputnik. Тошкентда коронавирусга чалинган бемор вафот этди, деб хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, 27 май куни пойтахтлик Ш. автоҳалокатга учраб, тез тиббий ёрдам машинасида бош мия ёпиқ жароҳати дастлабки ташхиси билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинади.
Ўша пайтда унда тана ҳароратини юқорилиги ва коронавирус аломатлари кўринганлиги сабабли таҳлил олинади. Ўтказилган текширув натижасида 70 ёшли (эркак) беморда “Covid-19” инфекцияси тасдиқланади.
Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасига ётқизилган.
У аввалдан бош мия ўсмаси, юрак ишемик ва гипертония касаллиги, гепатит, пневмония, сурункали юрак, буйрак ва жигар етишмовчилиги ташхиси билан даволаниб келган.
Беморнинг ўтган даволаниш вақти давомида вазирликнинг турли соҳа йўналишлари бўйича бош мутахассисларининг халқаро стандартлар бўйича берган тавсиялари асосида шифокорлар барча керакли тиббий муолажаларни амалга оширишган. Бундан ташқари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази мутахассислари томонидан телемедицина орқали консилиумлар ҳам ўтказилиб, доимий назоратга олинган.
Бироқ сўнгги кунларда беморда нафас етишмовчилигини кучайиши натижасида аҳволи кескин ёмонлашган ва сунъий нафас олиш аппаратига олинган. Стандартлар асосида кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан бемор мия шиши, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.