ТОШКЕНТ, 5 июн — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 48 кишида коронавирус аниқланди, охирги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 3987 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 15 нафар Тошкент шаҳридан (8 нафари аҳоли орасида, 4 нафари эса коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб карантинга олинган, 3 нафари хориждан келган), 2 нафар Сирдарё вилоятида Россиядан чегара пост орқали кириб келган халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисида, 1 нафари Наманган вилоятида аҳоли орасида, 2 нафари Тошкент вилоятида (1 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчиси, 1 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган), қолган 2 нафари Карантин марказидаги (хориждан келган) фуқаролар орасида қайд этилган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 140 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга кузатилди. Жами соғайганлар сони 3 227 нафар.
Айни пайтда 744 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Туркияга парвоз
Туркия июнь ойида Ўзбекистон билан вақтинча тўхтатилган авиаташувларни қайта тиклашни режалаштираётгани маълум бўлди. Хориждан келадиган барча фуқаролар аэропортларнинг ўзида коронавирусга тестдан ўтказилади. Туркия фуқаролари 14 кун уйида ўз-ўзини яккалаш режимига амал қилишга мажбур бўлади.
Карантин қачон тугайди?
Ўзбекистонда коронавирус касаллиги бўйича барқарорликка эришилса, карантин чоралари бекор қилиниши мумкин.
Бу ҳақда бугун АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов иштирокида брифингда айтиб ўтилди.
"15 июндан карантин тадбирлари тўлиқ тугайдими?", деган саволга жавоб берар экан, Қурбонов карантин тадбирлари тугатилиши ёки бир муддат чўзилиши — коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемик вазиятни эътиборга олган ҳолда белгиланишини таъкидлади.
"Агарда касаллик бўйича барқарорликка эришилса, карантин тадбирлари бекор қилинади, касаллик ўсиш суръати жадаллашса, карантин тадбирлари ҳам кучайтирилади", - деди у.
Яшил ҳудуддаги масжидлар
Ўзбекистон мусулмонлари идораси карантин даврида масжидлар фаолиятини ташкил этиш юзасидан баёнот эълон қилди.
Республика махсус комиссияси томонидан туман-шаҳар кесимида “яшил” ҳудуд сифатида тоифага ажратилган минтақалардаги масжидларда 2020 йил 8 июнь, душанба куни бомдод намозидан бошлаб, кунлик беш вақт фарз намозлари ижтимоий масофаланишни сақлаган ҳолда (1,5-2 метр) адо этилади.
Автобус қатнови
8 июндан — “сариқ” ва “яшил” ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига рухсат берилди. Дамас, микроавтобус ва метрополитен фаолияти бундан мустасно.
Дунё саломатлиги
COVID-19 дунёнинг деярли барча давлатига етиб борди. Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 6,7 миллиондан ошди, 391 минг киши вафот этди.