ТОШКЕНТ, 4 июн - Sputnik. Эндиликда туман (шаҳар) сектор раҳбарлари энг қийналган ва муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни камбағалликдан халос этиш режасини ишлаб чиқади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида айтилди.
Йиғилишда таъкидландики, пандемия шароитида энг фаровон давлатларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш катта муаммо бўлиб қолмоқда. Мамлакатда ҳам ишсизлар сони кўпайди. Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, пандемия 450 мингга яқин оилалар даромадига жиддий таъсир қилиши мумкин.
Аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишлари. Бу борада комлекс ва ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилган, вазирлар, ҳокимлар ва секторлар раҳбарларининг вазифалари белгилаб берилган.
Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишлар ҳамда "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш учун рўйхатлар шакллантирилган. Уларга мувофиқ, бугунги кунга қадар шундай оилаларнинг 540 мингтасига 307 миллиард сўмлик кўмак берилган.
Давлат раҳбари асосий мақсад камбағал оиланинг ҳеч бўлмаганда битта аъзосини иш билан таъминлаб, уларни муҳтожликдан чиқариш экани, шунинг учун ҳар бир оила, ҳар бир фуқаронинг муаммоси билан алоҳида шуғулланиш зарурлигини таъкидлади.
"Бу синовли даврда рақамлар ортидан қувиш эмас, балки халқни рози қилиш учун чин кўнгилдан ишлаш керак", – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда белгиланганидек, туман (шаҳар) сектор раҳбарлари энг қийналган ва муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириб, уларни камбағалликдан халос этиш режасини ишлаб чиқади. Вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва маҳалла масалалари бўйича ўринбосарлари секторлар ҳамда тижорат банклари ишини мувофиқлаштириб, ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишга масъул бўлади. Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида Республика штаби уларнинг ҳисоботини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга вазирлик ва идоралар, тижорат банкларини жалб қилади.
Ушбу тизим Ягона ижтимоий реестр учун ҳам катта замин бўлади. Мутасаддиларга йил охиригача мазкур реестрни вазирлик - вилоят - туман - маҳалла кесимида тўлиқ жорий этиш бўйича кўрсатма берилди.
Камбағаллик чегараси ва мезонларининг жаҳон амалиётида тан олинган 4 та ҳисоблаш усули Фарғона вилоятининг Тошлоқ тумани мисолида синовдан ўтказилиши белгиланди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига жорий йил 1 октябргача тирикчилик учун зарур энг кам миқдор ва минимал истеъмол саватчасининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.