ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги мактаблардан бирининг таъмири билан боғлиқ ҳолат ўрганиб чиқилди ва тегишли ҳуқуқий баҳо берилди. Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “Салом лаёқатли, қобилиятли синф раҳбарлари!” номли хабар ёритилган эди. Унда Тўрақўрғон туманида ўқув йили якунланиши муносабати билан умумтаълим мактаблари таъмири билан боғлиқ вазиятга оид эътироз ўз ифодасини топган. Хусусан, хабарда синф раҳбарлари ва фан ўқитувчиларига мурожаат қилингани ва синф хонаси таъмирини бошлашлари мумкинлиги айтилган.
Жумладан шундай дейилган интернетда тарқалган хабарда: “... Ўқувчидан ремонтга деб пул сўраманг, ҳомийни қаердан топаман, деб биздан ҳам сўраманг. Лаёқатингизни ва қобилиятингизни ишга солинг!”
Бу хабар вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Тўрақўрғон тумани халқ таълими бўлими томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганилди.
Ўтказилган суриштирув натижаларига кўра, ушбу хабарни тумандаги 36- умумий ўрта таълим мактаби директори вазифасини вақтинча бажарувчиси - маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Б.Н. шахсий телефони орқали телеграм тармоғи орқали ўқитувчиларга етказганлиги аниқланди.
У муассасада ишловчи ходимларни таълим муассасасини таъмирлаш учун хомий топишга жалб қилган.
Ўрганиш натижасига кўра, Б.Н. вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.