ТОШКЕНТ, 30 май - Sputnik. "UzAutoMotors" АЖга ишга киритиб қўйиш эвазига фуқароларнинг 42 000 АҚШ долларини қўлга киритган фирибгарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди, деб хабар қилди Бош прокуратура матбуот хизмати.
Хабарда айтилишича, "UzAutoMotors" АЖнинг бошқарма бошлиқлари ва бошқаларнинг мурожаатларига асосан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент Асака туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилади.
Натижада "U-C" қўшма корхонаси АЖ қўриқлаш хизмати бошлиғи А.Ю., корхона ҳайдовчиси Ж.А. ва бошқалар олдиндан тил бириктириб тумандаги "UzAutoMotors" АЖга турли лавозимларига ишга жойлаштириб қўйиш ваъдаси билан 31 нафар фуқаронинг 42 минг АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Ю. ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.