ТОШКЕНТ, 28 май - Sputnik. Тошкентдаги "Ўзбекистон" меҳмонхонасидаги давлат улуши оммавий ким ошди савдосида сотилди, деб хабар беради Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати.
"Ўзбекистон" меҳмонхонасининг 80,134 фоиз давлат улуши оммавий ким ошди савдоси орқали сотилди", - дейилади хабарда.
Давлат тендер комиссияси Сингапурнинг Bashan Investment Group PTE LTD-ни танлаб олди. Компания 24 ой ичида 23,2 миллион доллар тўлаши ва 1,5 йил ичида 100 миллиард сўм инвестиция киритиши керак.
Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон" меҳмонхонаси охирги марта 2019 йил феврал ойида 33 миллион долларга сотувга қўйилган эди. Бунгача у уч маротаба ким ошди савдосига қўйилган эди.
"Ўзбекистон" меҳмонхонаси 1974 йилда қурилган. Сўнгги марта реконструкция ишлари 2010 йилда амалга оширилган.
Кўп қаватли меҳмонхона биноси очиқ китоб шаклига ўҳшайди. Халқ орасида у "узбечка" деб номланади. Меҳмонхона 243 та хонадан иборат.