ТОШКЕНТ, 26 май — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Душанбега навбатдаги инсонпарварлик ёрдами юборилди. Бу ҳақда ТожикТА хабар қилмоқда.
“Бу сафар 24 тонналик юк дори-дармонлардан, асосан антибиотиклардан иборат. Ўзбекистон ҳукумати томонидан Душанбега тақдим этилган ёрдам шаҳар соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш бошқармасига берилди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, Душанбе шаҳри раиси Рустам Эмомали тегишли шаҳар тузилмаларига коронавирус билан касалланганларни даволаш учун олинган дори-дармонлар мақсадга мувофиқ ишлатилишини қатъий назоратга олиш ҳақида топшириқ берган.
Эслатиб ўтамиз, 9 апрель куни Ўзбекистон Тожикистонга дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган 18 та темирйўл вагонини жўнатган эди. Шавкат Мирзиёев топшириғи билан 8 май куни 8 нафар ўзбекистонлик вирусолог ва 10 тонна тиббий асбоб-ускуналар, шу жумладан 10 та сунъий нафас олдириш аппарати Душанбега етказилди. 9 май куни эса Тожикистонга 144та тиббий контейнер юборилди.